Новости образования

27 February 2017

Еще одна талантливая ученица нашей школы получила международную премию

Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида таҳсил олаётган яна бир жажжи истеъдод соҳибаси халқаро эътирофга сазовор бўлди.

Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати иқтидорли ўқувчиларининг халқаро миқёсдаги турли танлов ва фестивалларда иштирок этиши анъанага айланган десак, муболаға бўлмайди.
Шундай ёшлардан бири Муслима Комилова 4-синфда ўқишига қарамай тасвирий санъатда тенгдошлари орасида ўз қобилиятини қисқа фурсатда намоён эта олди. У ўзининг тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги ва иқтидори билан ажралиб туради. Устозлари сабоғини юқори савияда ўзлаштиргани ҳолда, мактабдаги кўрик-имтиҳонларида аъло баҳоларни қўлга киритиб келмоқда.
Бунинг натижаси ўлароқ, яқинда Словения далатида бўлиб ўтган халқаро ёш мўйқалам соҳиблари танловида ижтимоий тармоқ орқали иштирок этиб, ғолиблик шоҳсупасини эгаллади. У ўзининг ватанпарварлик туйғуси йўғрилган ҳамда ўзбек элининг буюк ўтмиши, маданияти ва урф-одатлари акс этган “Халқимнинг миллий либослари ва фольклор рақслари” номли асари билан қатнашди.
Суратда ўзбекона нақшинкор гилам ва пояндозлар тўшалган дала шийпони саҳнасида ўзбек раққосалари завқ билан рақс тушаётгани, созандалар миллий чалғуларда мусиқа ижро қилаётгани юксак дид билан ифодаланган. Шийпоннинг орқа фонидан Ўзбекистоннинг гўзал ва бетакрор табиати ўрин олган.
Қизалоқ ўзи каби беғубор ушбу ижод намунаси орқали танлов иштирокчиларига ўзбек юрти буюк тамаддун бешиги эканлигини яна бир бор намоён қилган бўлса ажабмас. Зеро, Муслиманинг юксак эътирофга лойиқ топилиши бунинг яққол исботидир.